Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат инспекцияси соҳасидаги иккита конвенцияси Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди
19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси учун Халқаро меҳнат ташкилотининг «Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 81-сонли (Женева, 1947 йил 11 июль) ва «Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 129-сонли (Женева, 1969 йил 25 июнь) конвенциялари кучга кирди.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ҳозирда ушбу халқаро шартномаларда тегишлича 148 ва 54 та давлат иштирок этмоқда.
Конвенциялар саноат, савдо ва қишлоқ хўжалигида ходимларнинг меҳнат шароитлари ва ушбу соҳалардаги иш жараёнида меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг қўлланилишини таъминлаш учун масъул бўлган меҳнат инспекцияси тизимини яратишга қаратилган.
Ҳужжатларда ходимларнинг ўз вазифаларини бажаришда уларни ҳимоя қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўлиқ ижро этилишини таъминлаш учун масъул бўлган идора сифатида меҳнат инспекциясини ташкил этиш, унинг моддий-техника воситалари, ваколатлари, вазифалари ва функцияларини тартибга солувчи асосий қоидалар белгиланган.
Ушбу халқаро шартномаларга мувофиқ, меҳнат инспекцияси тизимининг вазифалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
иш жойларида ходимларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги, шу жумладан иш вақти, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, аёллар ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамда бошқа шу каби масалалар бўйича қонун ҳужжатларига амал қилинишини меҳнат инспекторлари томонидан таъминлаш;
иш берувчилар ва ходимларга меҳнат қонунчилигига амал қилишнинг энг самарали воситалари тўғрисида тегишли ахборот ва тавсиялар бериш;
ваколатли органга амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган қоидабузарликлар ёки суиистеъмол қилиш фактлари тўғрисида хабар бериш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ушбу конвенцияларида Ўзбекистон Республикасининг иштироки меҳнат инспекцияси соҳасида халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш орқали миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва меҳнат инспекцияси ходимларининг малакасини оширишга хизмат қилади, шунингдек конвенцияларда иштирок этувчи давлатларнинг меҳнат инспекцияси хизматлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга имкон беради.
Бундан ташқари, мазкур конвенциялар меҳнат соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, унинг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш, саноат, савдо ва қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, шунингдек, меҳнат ва бандлик соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича иш сифатини янги даражага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Манба: Uzts.uz