2023 йил 13 март куни POSCO International бош корпорациясининг ижрочи директори жаноб Джеонг Так бошчилигида раҳбарлар корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишиш ва келгусида корхона равнақига қаратилган истиқболли режаларни амалга ошириш мақсадида Фарғона шаҳрига ташриф буюрдилар. Меҳмонларга вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев ҳамроҳлик қилди.
Ташрифнинг илк манзили Фарғона POSCO International Textile корхонаси билан яқиндан танишишдан бошланди.
Меҳмонлар корхонамиз тарихий музейини, йигирув ва тўқув ишлаб чиқариш фабрикаларини, корхона марказий омборини айланиб чиқишгач, корхона ўқув марказида бўлдилар. У ерда бош офис томонидан амалга оширилаётган хайрия дастурининг II босқичи учун сараланган ўқувчилар билан танишдилар.
Шундан сўнг, Ёзёвон туманидаги пахта-тўқимачилик кластерининг асосий пахта қабул қилиш ва сақлаш пункти, қурилаётган пахта тозалаш заводининг қурилиш жараёни, қолаверса, Фарғона шаҳрида барпо этилаётган «Эко шаҳар» лойиҳаси билан яқиндан танишдилар.
Сўнгра, Фарғона вилоят хокимлигида Хайрулло Бозоров билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ўзаро манфаатли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини мухокама қилдилар.