“Нукус” ЭИЗ ҳудудида Жанубий Корея технологиясидан фойдаланган ҳолда тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда
Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари A. Камалов ва «Hyundai C Square Co., Ltd.» компаниясининг катта ижрочи директори Ким Сунгюн ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, “Нукус” эркин иқтисодий зонаси директори Б. Қодиров ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда Дунё мухбири.
Томонлар “Нукус” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида автоматлаштирилган замонавий ускуналарни жорий этиш орқали, MB (melt-blown) КФ94 филтрли тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашдилар,
Тўғридан-тўғри инвестицияларнинг тахминий ҳажми 30 миллион долларни, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 62,5 миллион ниқобни ташкил этади.
Жанубий Корея томонига “Нукус” ЭИЗ ҳудудида яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар якунлари бўйича «Hyundai C Square Co., Ltd.» томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш шартларини ўрганиш ва келгусида муҳокама қилиш учун батафсил инвестицион таклифни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Uzts.uz